Телефонлар:
(0372) 342-10-18
(0372) 342-13-33
» » Жиззах вилоятининг иқтисодий трансформацияси

Жиззах вилоятининг иқтисодий трансформацияси

17 апрель 2024 йил
76
0

Жиззах вилоятининг иқтисодий трансформацияси

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 8 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи давомида таъкидлаганларидек, бизга «барқарор ва тез суръатларда ўсадиган иқтисодиёт керак. Юқори даромадли янги иш ўринлари яратилиши керак».

Табиийки, ҳар бир вилоятда ва ҳудудда ўзига хос шароитлар ва шуларга яраша имкониятлар мавжуд. 

Тошкент ва Самарқанд ўртасида жойлашган Сирдарё ва Жиззах вилоятлари икки йирик қишлоқ хўжалиги ва саноат марказлари ўртасида бўлиш омилидан жуда чекланган ҳолда фойдаланади. Ваҳоланки, миллион ва ундан кўп аҳолига эга бўлган метрополиялар ўз яқинидаги ҳудуд ва шаҳарларнинг ривожланишига кескин ижобий таъсир кўрсатади. 

Нима учун икки йирик шаҳар, конгломератлар ўртасида жойлашган Жиззах ва Сирдарё вилоятларида географик жойлашуви борасидаги афзалликлардан деярли фойдаланилмайди? Айнан ана шу саволга жавоб бу икки вилоятнинг келажакдаги «ўсиш нуқталари»ни тўғри белгилашда энг катта бурилиш бўлишига мен шахсан аминман. 

Сўнгги етти йилда Жиззах вилоятига 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 2,5 мингта янги корхона ишга тушди. Қишлоқ хўжалиги регионидан саноати ривожланган ҳудудга айланиш борасида катта қадам қўйилди. Бироқ Жиззахда камбағаллик даражаси республикада тўртинчи ўринда, хусусий сектордаги расмий ишчиларнинг 11,3 мингтаси ойига 5 миллион сўмдан ортиқ даромад олади. 

Катта-катта давлат инвестициялари ҳисобига кейинги уч йилда Жиззахда йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори корхоналар сони 467 тага кўпайиб, 1 минг 656 тага, 10 миллиард сўмдан юқорилари эса157 тага кўпайиб, 309 тага етган. Йирик корхоналар 48 тага кўпайиб, 62 тага етган. Лекин, «аҳолини барқарор иш ва ойлик билан таъминлайдиган» ўрта корхоналар Зафарободда бор-йўғи 3 тани, Арнасой ва Мирзачўлда 6 тадан, Дўстликда 7 та, Пахтакорда 9 та, Зарбдорда 10 та, Форишда 13 тани ташкил қилади. 

Шунча инвестициялар ҳажмига қарамай, 2023 йилда вилоят бюджети республикадан қарийб 1,3 триллион сўм «дотация» олган. 

Вилоят саноатининг 80 фоизи 3 та тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Автомобилсозлик вилоятда яқин 3 йил давомидагина юзага келганини инобатга олсак, саноат потенциалини ривожлантиришда ҳали кўп резервлар борлиги яққол кўринади. Фармацевтика, чармсаноат, металлургия, мебелчилик соҳаларининг улуши 1 фоизга ҳам етмайди. 

Жиззах вилоятида янги саноат потенциалини яратиш борасида эришилган катта ютуқларни таъкидлаш билан биргаликда мамлакат раҳбари мавжуд резервларни ҳам алоҳида таъкидлаб, уларни ишга солиш механизмларини анча деталлашган ҳолда санаб ҳам ўтди. 

Президент томонидан вилоятларга инвестицияларни жалб қилишда мамлакатнинг марказлаштирилган ресурслари келажакда ҳам катта роль ўйнаши инкор қилинмади. 2024 йил давомида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Жиззахга иқтисодий-ижтимоий режаларни амалга ошириш учун 130 миллиард сўм миқдорида марказлаштирилган маблағлар ажратилади. Лекин асосий инвестицион маблағлар вилоятдаги корхоналарнинг мавжуд потенциали ва банкларнинг кредитларини жалб қилиш ҳисобига шакллантирилиши керак. 

Ички резервлар ҳақида гапирилса, булар орасида энг асосий устуворлардан бири – ерларга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш. Ана шу мақсадларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки маблағлари ҳисобидан 10 млрд. сўмга тенг бўлган захира жамғармаси ташкил этилади. 

Иккинчи йўналиш – мамлакат бўйича ўзини яхши кўрсатган илғор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш технологияларини жорий қилиш, ҳар бир ер майдонидан катта даромад келтирадиган мева ва сабзавотларни етиштириш йўлга қўйилади. Жумладан, Зарбдордаги 100 гектарда плантация усулида голубика, малина, пармачак, қулупнай экиш лойиҳаси амалга оширилади. 

Учинчи йўналиш – сув таъминоти ёмонлашиб, илгари экилган турли экинларнинг «бозори қочиб», конъюнктура ўзгарган ва ҳозирда бўш турган, мамлакат аҳамиятига эга бўлган йўлларнинг ёқасидаги катта ер майдонларининг тоифасини ўзгартириб, умумий ишлаб чиқариш айланмасига қайта киритиш. Айланмадан чиққан эски экинлар майдонларини 5 гектардан аҳолига бўлиб ижарага бериш ташаббуси бу ўринда катта аҳамият касб этади. 

Биргина ерларни қайта иқтисодий фаолият айланмасига киритиш туфайли вилоятда қўшимча 5 мингта иш ўрни, камида 50 миллион доллар экспорт, туман бюджетига қўшимча 80 миллиард сўм тушумга эришиш имкониятлари мавжуд. 

Албатта, Тошкент ва Самарқанд конгломератларига логистика-транспорт, йўл бўйи инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат ва фармацевтика саноатларини ривожлантиришга катта туртки беришига ишончимиз комил. 

Абдулла Абдуқодиров, 

Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар