Жиззахда ишбилармон аёллар тақдирланди
Жиззах шаҳрида тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеП томонидан «Ишбилармон аёл – 2024» Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Кўрик-танлов доирасида вилоятда фаолият юритаётган салоҳиятли фермер, тадбиркор ва ишбилармон аёллар раҳбарлигидаги корхоналар маҳсулотлари намойиш этилган кўргазма тақдимоти ҳам ўтказилди. Кўрик-танлов иштирокчилари фаолиятига ҳакамлар ҳайъати баҳо берди.
Хусусан, уларнинг солиқларга онгли муносабатда бўлиши, экспорт ва импорт салоҳияти, хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги фаоллиги, ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашда амалга оширган хайрли ишлари, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг хоҳиш-истаклари, ҳар бир ҳудуднинг ички хусусиятларидан келиб чиқиб, бизнесга йўналтириш бўйича амалга оширган аниқ амалий ишлари инобатга олди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга зоминлик тадбиркор «Ясмин чеварлари» МЧЖ раҳбари Раъно Хасанова, 2-ўринга Жиззах шаҳридан «Хадижа барака маҳсулотлари» оилавий корхона раҳбари Гулнора Исматуллаева, 3-ўринга Дўстлик туманидан «Бунёдкор тикувчи қизлари» МЧЖ раҳбари Гулхаё Шохимардонова муносиб деб топилди.
Шунингдек, бошқа номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, партиянинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.