Фоторепортаж: Жиззахда "Маҳалла тизими ходимлари куни" нишонланди
Фоторепортаж: Жиззахда "Маҳалла тизими ходимлари куни" нишонланди
Бугун Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан 22 март "Маҳалла тизими ходимлари куни" муносабати билан вилоят ҳокимлиги анжуманлар саройида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев иштирок этиб, барча соҳа ходимларини табриклади.
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев ўз сўзида “Сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз, маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратиб, қатор ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этдилар. Бу даврда соҳа ривожига доир 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, ҳар бир ҳудудда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилганини алоҳида қайд этиш лозим” дия таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, вилоятимизда маҳалла тизими борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 67 та маҳалла идораси янгидан қурилди, 28 таси реконструкция қилиниб, таъмирланди, ҳозирда 32 та маҳалла биноларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони мувофиқ мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш орқали фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу тамойил асосида маҳалланинг ўрни ва нуфузини юксалтириш, юртимизда кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги катта хизматлари, халқимиз орасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп асрлик анъаналаримизни асраб-авайлаш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан Шароф Рашидов туманидаги “Жиззахлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг жамоатчилик кенгаши фаоли Саидова Дилбар ҳамда Зафаробод туманидаги “Лолазор” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Бўлтаков Сайдалим “Дўстлик” ордени билан тақдирланишди. Мазкур юксак давлат мукофотларини вилоят ҳокими Эргаш Салиев тантанали тарзда топширди.
Шунингдек, йил давомида фаол ишлаган, маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторлари ҳокимлик томонидан тақдирланган бўлса, 18 нафар тизим фаоллари "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан мукофотландилар.
Тантанали тадбирнинг бадий қисми Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида давом этди.