Буюк сиймога бағишланган асарлар тақдимоти
Буюк сиймога бағишланган асарлар тақдимоти
Шароф Рашидов номидаги вилоят Ахборот кутубхона марказида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Шараф йўли” романи ҳамда «Дўстлик» ордени соҳибаси, таниқли шоира Сайёра Тўйчиеванинг «Шарофнома» номли достон ва эсселар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиятов, вилоят ҳокими ўринбосари Aкмал Савурбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов, «Зарафшон» газетаси бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Муҳиддин Абдусаматов, филология фанлари доктори Муродилла Жўраев, Касаба уюшмалари вилоят Кенгаши раиси Нусрат Пардаев, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши раиси Эркин Холматов сўзга чиқиб, мазкур китобларда ёзувчи ҳамда давлат арбоби қалбининг сурати ва сийрати моҳирона тасвирланганлиги, асарларнинг бадиий қиммати ҳақида фикр билдирди.
Дарвоқе, ҳар иккала китобни варақлар экансиз, унда атоқли давлат ва жамоат арбоби, етук адиб, халқпарвар инсон Шароф Рашидовнинг ижодига назар, юрт тараққиёти ва келажаги учун қилган беқиёс меҳнати, элдошларига бўлган самимияти, чуқур эҳтироми, таълим ва тарбия ишига бўлган ўзгача муносабати, ибратли, эзгу амалларига гувоҳ бўласиз.
Шу боисдан ҳам сўзга чиққанлар мазкур асарлар ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ўзини «жиззахликман» деган инсонларнинг китоб жавонидан муқум ўрин эгаллаши айни муддао бўлишини бот-бот такрорлашди.
Муаллифлар Абдуқаюм Йўлдошев ва Сайёра Тўйчиева Шароф Рашидовдек ушбу асарлар ҳали уммондан томчи эканлигини, келажакда юртимизнинг озодлиги, тўкинлиги йўлида умрини бахшида этган, қалтис замонлардан, тўфонлардан халқимизни омон олиб чиққан бу улуғ инсоннинг буюк сиймосини янада тўлақонли очиб берувчи асарлар кўплаб ёзилажагини билдиришди.
Тадбирда воҳамизнинг таниқли ёзувчилари, шоирлари, ижодкор ёшлар , ҳарбийлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тақдимот сўнггида икки ижодкорга вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими